ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲИСОБ ПАЛАТАСИ ТОМОНИДАН “ЎЗДОНМАҲСУЛОТ” АКЦИЯДОРЛИК КОМПАНИЯСИДА БЮДЖЕТГА ҚЎШИМЧА ДАРОМАД ЗАХИРАЛАРИНИ АНИҚЛАШ ВА САФАРБАР ЭТИШ БОРАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР ЮЗАСИДАН ЎРГАНИШ ЎТКАЗИЛДИ.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан бюджет тизими бюджетларининг ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг даромадларини кўпайтириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг февраль ойида давлат органлари ва ташкилотларининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун фойдаланиладиган маълумотлар базаларининг ишончлилигини баҳолаш юзасидан “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компаниясида ўрганиш ўтказилди.

“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизимидаги 44 та дон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари билан фаолиятини қуйидаги йўналишларда амалга оширади:

- Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларига мувофиқ давлат эҳтиёжлари учун дон ва уруғлик қабул қилиш, жойлаштириш ва сақлашни таъминлайди;

- юқори ва сифатли ун навлари, ёрма, омухта ем, шунингдек нон-булка, макарон ва қандолатчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаради ва иқтисодиёт тармоқлари ҳамда аҳолини ушбу маҳсулотлар билан таъминлашни ташкил этади;

- дон маҳсулотлари тармоғи корхоналарининг дон етиштирувчилар – ширкат ва фермер хўжаликлари билан ўзаро муносабатлари механизмларини, шу жумладан донни қабул қилиш, сифатини баҳолаш ва ҳисобга олиш масалаларини такомиллаштириш, дон сифатини таъсирчан назорат қилиш ва уни баҳолаш тизимини яратади;

- дон маҳсулотлари тармоғи корхоналарини замонавийлаштириш ва техника билан қайта жиҳозлашга, ушбу мақсадлар учун хорижий инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашади;

- дон маҳсулотлари тармоғи корхоналари ва ташкилотларига ахборот хизматларини кўрсатиш, уларнинг кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни таъминлайди.

“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси таркибига кирувчи ташкилотлар томонидан 2019 йилда 1,5 млн.тонна ун маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.

Дон корхоналари томонидан етиштирилган дон маҳсулотлари қабул қилинишида электрон тарози тизими жорий қилинган бўлиб, улар асосида топширилган дон маҳсулотлари республика бўйича тезкор кузатиб бориш ва мониторинг қилиш имкониятлари яратилган.

Лекин, ушбу яратилган имкониятлардан “Galla.uz” дастурий таъминотида дон ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан қабул қилинган дон маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ юритилмаган.

Жумладан, “Agroonline.uz” - ягона аграр ахборот тизимида дон маҳсулотларига тўловлар, дебитор-кредитор қарздорликлар, доннинг намлик ва ифлослик кўрсаткичлари ва бошқа кўрсаткичларини мониторинг ишлари ташкил этилмаган.

Натижада, донни қабул қилиш, сақлаш ва уни қайта ишлаш жараёнлари бўйича ишончли маълумотлар базаси шакллантирилмаган.

Шунингдек, компания ва унинг таркибидаги корхоналарда дебитор ва кредитор қарздорликларни қисқартириш чоралари кўрилмаган.

Кузатув кенгашлари томонидан корхоналарнинг “Бизнес режалари”да белгиланган вазифалар ва кўрсаткичлар ижроси ўрганиб чиқилмаганлиги сабабли компания таркибидаги 38 та корхона айланма маблағлари билан таъминланмаган ва 40 та ташкилотнинг тўлов қобилиятини ошириш чоралари кўрилмаган.

Компания таркибидаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳажмини қўшимча буғдой харид қилиш, мавжуд буғдойни тўғри тақсимлаш орқали ошириш чоралари кўрилмаган.

Натижада, ун тегирмонларининг ишлаб чиқариш қуввати 2018 йилда 60 фоизни, 2019 йилда 64 фоизни ташкил этган бўлса, омухта ем ишлаб чиқариш цехларининг ўртача ишлаб чиқариш қувватидан фойдаланиш даражаси 2018 йилда 51 фоизни, 2019 йилда 48 фоизни ташкил этган.

Компаниянинг кузатув кенгаши қарорларига асосан 2005-2019 йиллар давомида компаниянинг ташкилий тузилмасига бир неча маротаба ўзгартиришлар киритилган бўлсада, компаниянинг ташкилий тузилмаси тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 6 августдаги 376-сонли қарорига ўзгартириш киритилмаган.

Маълумотлар базаларини ишончлилигини баҳолашдан ўтказиш натижалари бўйича Ҳисоб палатаси томонидан “Ўздонмаҳсулот” АКда қўлланилаётган ахборот тизимларини янада такомиллаштириш ва аниқланган ҳолатларни бартараф этилиши юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.

14 Феврал 2020

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея