Ҳисоб палатасининг 2025 йил I чоракдаги фаолияти бўйича брифинги

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ҳисоб палатаси томонидан 2025 йил I чоракда амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг бўлиб ўтди. Унда Ҳисоб палатасида амалга оширилган тизимли ишлар ва трансформацион жараёнлар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, 2025 йил I чорак иш режаси доирасида ўтказилган риск-таҳлилларга асосан 24  та аудит тадбирлари ўтказилди. Уларнинг натижалари юзасидан Президент Администрациясига ахборот хатлари киритилди. Ушбу 24 та тадбирнинг 10 таси жойига чиққан ҳолда ва 14 таси масофавий аудит шаклида таҳлил қилинди.
 
Барча давлат идораларида “Тежамкорлик ва барқарорликни таъминлаш” тамойилига қатъий амал қилиш бўйича берилган топшириқларга асосан вазирлик ва идораларда амалга ошириладиган амалий тадбирлар жадал давом эттирилмоқда.
 
Бюджет харажатлари маблағларини иқтисод қилиш, мақбуллаштириш ва қўшимча даромадларни аниқлаш мақсадида Ҳисоб палатаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ўртасида қўшма қарор қабул қилинди. Тузилган Ишчи гуруҳлар томонидан амалий ишлар ҳозирда олиб борилмоқда.
 
Ҳисоб палатаси томонидан Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда “Масофавий аудит” ахборот тизимида 2 та йўналиш бўйича сунъий интеллектдан фойдаланиш жараёнлари автоматлаштирилди ва синов режимида ишга туширилди.
 
Ҳисоб палатасида яратилган катта ҳажмдаги маълумотлар базаси орқали реал вақт режимда бюджет маблағлари сарфининг қонунийлиги, мақсадлилиги ва самарадорлигини мониторинг қилиш тизими йўлга қўйилди.
 
Ҳисоб палатаси фаолиятини илғор халқаро тажриба асосида такомиллаштириш борасида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг Олий аудит органлари билан ҳамкорликда кадрлар малакасини ошириш ишлари давом этмоқда.
 
Сўнгги ҳафталарда Венгрия ва Хитой Халқ Республикаси Олий аудит органлари раҳбарлари Ўзбекистонга ташриф буюрди. Венгрия билан 2025-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича амалий чора-тадбирлар режаси ва Хитой билан Меморандум ва йўл харитаси имзоланди.
 
Брифинг якунида қайд этилганидек, бюджет харажатларининг самарадорлиги ва қонунийлигини таъминлаш ҳамда тушумлар тўлиқлиги устидан назорат ишлари Ҳисоб палатаси томонидан бундан кейин ҳам давом эттирилади.

22 Апрел 2025

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея