Ҳисоб палатаси ШҲТга аъзо мамлакатлар Олий аудит органлари раҳбарларининг учрашувида иштирок этди
Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га аъзо мамлакатлар Олий аудит органлари раҳбарларининг навбатдаги 7-учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда Беларусь, Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Хитой Олий аудит органлари раҳбарлари ва ШҲТ котибияти вакиллари иштирок этди.
Маълумот ўрнида: ШҲТга аъзо давлатларнинг Олий аудит органлари раҳбарларининг учрашувларини ўтказиш амалиёти 2010 йилда ташкил этилган. Унга ҳозирда 10 та давлат киради. Учрашувлар ҳар икки йилда бир маротаба бўлиб ўтади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси номидан Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари Сардор Мирзаев бошчилигидаги делегация қатнашди.
Бу йилги йиғилишнинг асосий мавзуси давлат назоратини кучайтириш орқали сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишдан иборат бўлди. Бу мавзу минтақадаги барча давлатлар учун энг устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.

Сардор Мирзаев ўз нутқида ҳозирги кунда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли муқаддам мавжуд бўлган низоли масалалар бартараф этилиб, стратегик аҳамиятга эга масалалар конструктив тарзда ҳал бўлаётганини таъкидлади.
Тақдимотда Ўзбекистонда ҳозирда сув ресурсларидан фойдаланиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришда ресурсларни тежайдиган ва экологик тоза моделга ўтиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини олдини олиш мақсадида кейинги йилларда Ўзбекистон Ҳисоб палатаси томонидан сув ресурсларидан барқарор фойдаланиш бўйича ўтказилаётган аудит тадбирлари ҳақида маълумот берилди.
ШҲТга аъзо давлатлар Олий аудит органлари сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларида ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар ва бизнес ҳамжамиятлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори эканлигини таъкидлади.
Учрашув доирасида Олий аудит органлари ва делегация раҳбарлари ўз мамлакатларининг миллий тажрибаси юзасидан презентациялар тақдим қилди.
Тадбир якунлари бўйича 2025-2027 йилларга мўлжалланган Қўшма баёнот ва Ҳаракатлар режаси тасдиқланди. Ташкилотга, шунингдек, Беларус ва Эрон Олий аудит органлари расман қабул қилинди.
Иштирокчилар томонидан 2027 – 2029 йиллар давомида ШҲТга аъзо мамлакатлар Олий аудит органлари раҳбарларининг кенгаши доирасида раислик қилиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига топширилди. Шу муносабат билан тузилманинг кейинги 2027 йилдаги учрашувини Ўзбекистонда ўтказиш таклифи маъқулланди.

Шу билан бирга, ташриф доирасида Ўзбекистон Ҳисоб палатаси делегациясининг учрашувга мезбонлик қилаётган Тожикистон Ҳисоб палатаси ҳамда Эрон ва Покистон Олий аудит органлари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлари бўлиб ўтди.
Маълумот ўрнида: Эрон ва Покистон Олий аудит органлари билан ИНТОСАИ, АЗОСАИ ва ЭКОСАИ каби халқаро тузилмаларда ҳамкорлик қилиб келинмоқда.
Ушбу учрашувларда Томонлар молиявий, самарадорлик ва мувофиқлик аудитлари стандартларини жорий этиш, профессионал ҳужжатлар, услубий ишланмалар алмашиш бўйича ўзаро маслаҳатлашувларни жорий қилиш, кадралар салоҳиятини ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Ҳар бир мамлакат билан, ўзаро ходимлар малакасини ошириш мақсадида онлайн ва оффлайн тренинглар ташкил этиш, аудит стандартларини такомиллаштиш ва бошқа маслаларни ўз ичига олган мақсадли Ҳамкорлик меморандумини ишлаб чиқиш ва имзолашга алоҳида эътибор қаратилди.
ШҲТга аъзо мамлакатлар Олий аудит органларининг учрашуви муваффақиятли бўлиб ўтди. У ўзига хос “Шанхай руҳи”га мос бўлган ўзаро ҳурмат, ишонч ва яқин ҳамкорлик шиори остида ташкил қилинди.
15 Апрел 2025
Воқеалар
Воқеалар тақвими
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |
Фотогалерея
