Хитой Бош аудитори Олий Мажлис палаталарига ташриф буюрди
Хитой Халқ Республикаси Миллий аудит идораси Бош аудитори Хоу Каининг юртимизга ташрифи доирасида Олий Мажлис Сенати раиси Т. Нарбаева билан икки томонлама учрашуви ўтказилди.
Суҳбат чоғида Хитой Ўзбекистоннинг муҳим стратегик шерикларидан бири экани таъкидланди. Икки мамлакат етакчиларининг очиқ ва ишончли мулоқоти туфайли ўзаро муносабатлар ҳар томонлама, узоқ муддатли стратегик шериклик даражасига кўтарилгани айтилди.
Учрашувда Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигининг долзарб йўналишлари ва истиқболлари, шу жумладан, парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштириш, аудит ва молиявий шаффофлик соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, учрашув давомида давлат бюджетини шакллантиришда, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш соҳаларида гендер ёндашувининг аҳамияти масаласига тўхталиб ўтилди.
Ҳудудлараро мулоқотни ривожлантириш доирасида ҳамда маҳаллий бюджетларни шакллантириш жараёнида парламент назоратини кучайтиришга қаратилган дастурий лойиҳаларни ишга туширишга келишиб олинди. Бу эса жойларда молиявий бошқарувни яхшилаш ва ресурслардан янада самарали фойдаланишни таъминлаш имконини беради.

Томонлар эришилган келишувлар Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш ва икки мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Ташриф сўнгида Хоу Каи Сенатнинг Меҳмонлар китобига ўзининг таасурот ва самимий тилакларини қайд қилди.

Хитой Бош аудитори Хоу Каи, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Н. Исмоилов билан учрашувда иштирок этди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик стратегик даражага кўтарилгани, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик юқори босқичга чиққани алоҳида қайд этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳамда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг сиёсий иродаси натижасида кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқалар анъанавий дўстлик ва ҳурмат руҳида ривожланиб, ҳамкорликнинг барча йўналишларида улкан ютуқларга эришилаётгани таъкидланди.
Хоу Каи илиқ ва дўстона муносабат учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Президенти томонидан олиб борилаётган прагматик ташқи сиёсатни, айниқса, қўшнилар билан муносабатни яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижаларини юқори баҳолади.

Ўзбекистон Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясини юксак савияда, муваффақиятли ўтказгани, бу нафақат мамлакат учун, балки унинг халқаро ҳамкорликдаги фаолиятида ҳам муҳим қадам бўлганини қайд этди.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
10 Апрел 2025
Воқеалар
Воқеалар тақвими
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |
Фотогалерея
