Ҳисоб палатасининг Венгриядаги самарали учрашувларининг якуний натижалари
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Меҳриддин Aбдуллаев бошчилигидаги делегациянинг Венгрия Давлат аудит идораси (Олий аудит органи)га амалий ташриф бўлиб ўтди.
Ташрифдан кўзланган мақсад – Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ҳамда Венгрия Давлат аудит идорасининг давлат ташқи аудити соҳасидаги тажрибасини ўрганиш.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Ҳисоб палатаси делегацияси ва Ласло Виндиш раислигида Венгрия Давлат аудит идораси жамоаси ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда Томонлар ўз муассасаларидаги трансформация жараёнлари, жорий қилинган инновациялар ва истиқболли режалар юзасидан фикр алмашдилар.
М. Aбдуллаев Ҳисоб палатасида ҳозирда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ахборот технологияларини кенг жорий қилиш ва рақамлаштириш масалаларига оид тақдимот қилди.
Тақдимотда, шунингдек, Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари тарихан юқори даражада эканлиги, бу эса икки мамлакат Олий аудит органлари ўртасидаги муносабатларни ҳам сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш имкониятини бериши таъкидланди.
Венгрия давлат аудиторлари томонидан бюджет бошқарувини назорат қилиш, давлат аудитининг янги усуллари ва миллий миқёсда халқаро методологияларни қўллаш билан боғлиқ илғор тажрибалар тақдим этилди.
Учрашув доирасида Ўзбекистон ва Венгрия Олий аудит органлари ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди. Унга мувофиқ Томонлар самарадорлик аудити методологиясини такомиллаштириш, аудит технологиялари, IT-тизимлари соҳасида инновацион ечимлар, кадрлар салоҳиятини ошириш соҳаларида яқиндан ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришдилар.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Венгрия Олий аудит органлари раҳбарларининг Маслаҳатлашув кенгаши тузишга келишилди. Ушбу Кенгашнинг илк маслаҳатлашув учрашувини 2025 йил апрел ойининг иккинчи ярмида Самарқанд шаҳрида ўтказиш келишиб олинди.
Шунингдек, Ҳисоб палатаси делегацияси Будапештга ташрифи доирасида Венгрия Миллий Ассамблеяси (Парламенти)да бўлди. Ташқи алоқалар қўмитаси раҳбарияти Михали Балла ва Атилла Тилки билан бўлган учрашувда икки мамлакат Парламентлари ўртасидаги алоқалар ҳозирда фаол амалга оширилаётганини қайд эилди.
М. Aбдуллаев мамлакатимизда жорий йилнинг 27 октябр куни бўлиб ўтган тарихий сайловлар якунлари бўйича Олий Мажлис олдида белгиланган янги вазифалар ҳақида маълумот берди. Томонлар бюджет ва унинг ижросини назорат қилиш механизмларига оид масалаларни муҳокама қилиниб, ўзаро тажриба алмашди.
Сўнг Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси делегацияси Венгрия Молия вазирлигида бўлиб, Давлат котиби (вазир ўринбосари) Норберт Изер ва Бюджет назорати бўйича Давлат котиби ўринбосари Абел Бержик билан учрашув ўтказди. Унда давлат бошқарувини амалга ошириш жараёнида ички аудит хизматларининг ўрни ва аҳамияти атрофлича муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида, шунингдек, Венгрия Давлат аудит идораси раиси маслаҳатчиси Арпад Ковач билан учрашув ўтказилди. Таъкидлаш жоизки, Арпад Ковач 1997-2009 йилларда Венгрия Давлат аудити идораси раҳбари, ИНТОСAИ Бошқарув кенгаши раиси, кейинчалик Бош вазир Виктор Орбаннинг маслаҳатчиси бўлиб фаолият юритган.
Шу билан бирга, Давлат аудит идораси ҳузуридаги Молия академияси раҳбари Магдолна Холман, Стратегия ва методология, Мувофиқлаштириш, Давлат харидлари бошқармалари, Хавфларни бошқариш, Рақамлаштириш ва маълумотларни ҳимоя қилиш ва Махсус таҳлил бўлимлари аудиторлари билан қатор мазмунли учрашувлар бўлиб ўтди.
Учрашувлар давомида Ўзбекистон Ҳисоб палатаси томонидан ишлаб чиқилган “Масофавий аудит” автоматлаштирилган ахборот тизими имкониятлари тақдимот қилиниб, ушбу тизимга Венгрия давлат аудит идораси томонидан катта қизиқиш билдирилди ва шу йўналишда яқиндан хамкорлик йўлга қўйилишига келишилди.
Ўзбекистон ва Венгрия Олий аудит органлари қуйидаги соҳаларда ўзаро ҳамкорлик қилишга келишди:
– молиявий, самарадорлик ва мувофиқлик аудити методологиясини такомиллаштириш;
– Ўзбекистон Ҳисоб палатаси ходимларининг малакасини мунтазам тарзда ошириш;
– давлат аудитини ўтказишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш;
– икки Олий аудит органи фаолиятига оид ахборот материаллари, йиллик ҳисоботлар, услубий ҳужжатлар билан алмашиш;
– макроиқтисодий таҳлилларни амалга ошириш мақсадида венгриялик экспертлар томонидан ишлаб чиқилган маҳсус молиявий прогнозлаштириш моделидан фойдаланиш
– давлат аудитини ривожлантириш ва Олий аудит органини мустаҳкамлаш бўйича миллий қонунчиликка оид ташаббусларни илгари суриш ва бошқалар.
Умуман олганда, Ўзбекистон Ҳисоб палатаси делегациясининг Венгрияга ташрифи давлат аудити, ахборот технологиялар, халқаро стандартлар йўналишларида янги билим ва кўникмаларга эга бўлиш имконини берди. Қолаверса, Венгрия Давлат аудит идораси билан узоқ муддатли ҳамкорликнинг кейинги устувор йўналишлари белгилаб олинди.
27 Ноябр 2024
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |