Бюджет маблағларидан фойдаланиш устидан молиявий назоратни кучайтириш

Ҳисоб палатаси томонидан вазирлик ва идораларнинг ички аудит ва комплаенс хизмати ходимлари учун Давлат бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган семинар ташкил этилди. 

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бўлиб ўтган тадбирда вазирлик ва идораларнинг 110 нафар ички аудит ва комплаенс хизмати ходимлари иштирок этди.

Унда Ҳисоб палатасининг масъул ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бюджет маблағларидан фойдаланиш устидан молиявий назоратни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар тўғрисида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, 2025 йил 1 январдан бошлаб молиявий ва бошқа хавфларнинг олдини олиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган йирик ташкилотларда уларнинг биринчи раҳбарлари бошчилигида коллегиал асосда «Хавфларни бошқариш» қўмиталари тузилади. Бунда, ушбу ташкилотларнинг ички аудит хизматлари қўмиталарнинг ишчи органи ҳам ҳисобланади.

Бундан ташқари, ушбу муассасалар тузилмасида камида 1-2 нафар ходимдан иборат ички аудит хизматлари ташкил этилади. 

 

 

Ички аудит хизматлари вазирлик ва идоралар тизимидаги бюджет ҳисобидан молиялаштирилмайдиган нобюджет муассаса ҳамда ташкилотларда молиявий-хўжалик фаолияти бўйича ўтказилган назорат ишларига оид ҳужжатларни мониторинг қилиб боради. Шу кунгача бу масала очиқ қолаётган эди. 

Қолаверса, Ҳисоб палатаси назорат объектининг ички аудит хизмати томонидан ўтказилган ички аудит тадбирлари сифатига баҳо бериб боради. 

Ҳозирда Фармонда белгиланган вазифа ва топшириқлар бўйича тегишли Қонун ва норматив хужжатларни ишлаб чиқиш ва ўзгартириш киритиш ишлари олиб борилаётгани айтиб ўтилди.

 

 

Ички аудит хизматлари ва комплаенс назорат бўлимлари ходимларига ўз фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Тадбир ўзаро мулоқот ва қизғин мунозараларга бой тарзда ўтказилди.  

 

 

31 Июл 2024

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея