Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 августдаги "Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5147-сонли фармони

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2017 йил 18 июлдаги ПФ-5116-сон Фармонига мувофиқ ҳамда мамлакатни ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг ҳозирги босқичида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг энг муҳим вазифаларини белгилаш, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилишни таъминлаш мақсадида:

1. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси (кейинги ўринларда Ҳисоб палатаси деб юритилади):

олий ташқи аудит ва молиявий назорат органи ҳисобланади;

ўз ваколатларини мустақил ҳамда барча давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади, ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ҳамда унга ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ҳисобдордир;

Ўзбекистон Республикаси Президентига ўз фаолияти, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини таъминлаш бўйича тизимли равишда ахборот бериб боради.

2. Ҳисоб палатасининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

биринчи, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳаси параметрлари шакллантирилиши ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мувофиқлигини тизимли таҳлил қилиш, қабул қилинаётган давлат ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлигининг аудитини амалга ошириш;

иккинчи, бюджет тизими бюджетларига маблағлар ва бошқа бюджетдан ташқари маблағлар тушумининг тўлиқлигини ўрганиш ва назорат қилиш, замонавий ахборот технологияларини кенг қўллаш орқали бюджет даромадларини кўпайтириш захираларини аниқлаш ва сафарбар қилиш;

учинчи, бюджет тизими бюджети ва бошқа бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган харажатларнинг самарадорлиги ва қонунийлигини аудитдан ўтказиш ва барча даражада уларни қисқартириш бўйича захираларни аниқлаш, бюджет тизими бюджетлари ва давлат томонидан жалб қилинган маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг мақсадга мувофиқлиги ва асослилигини баҳолаш;

тўртинчи, солиқ ва бюджет қонунчилигини янада такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, тизимли қонунбузарликларнинг сабаблари ҳамда ўзини оқлаган жаҳон тажрибасини ўрганиш ва умумлаштириш орқали бюджетни режалаштиришнинг замонавий усулларини жорий қилиш;

бешинчи, республика бюджети ва маҳаллий бюджетлар ўртасидаги нисбатнинг мақбуллигини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг даромад бўйича ваколатлари ва харажатлар бўйича мажбуриятлари белгиланишининг тўғрилигини баҳолаш, уларнинг ўзини-ўзи молиявий таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

олтинчи, Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғи бўйича давлат ва ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий мамлакатларга давлат ташрифи давомида имзоланган келишув ва ҳужжатларни амалга оширишнинг тўлиқлиги ва самарадорлиги бўйича назоратни ташкил этиш;

еттинчи, Ўзбекистон Республикасининг пул-кредит ва валюта сиёсати, давлат активлари ва мажбуриятларининг ҳолати, олтин-валюта захираларини бошқариш, шунингдек қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлар билан бажарилаётган операцияларни ташқи аудитдан ўтказиш.

3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг тузилмаси ва штатлар жадвали 1 ва 2-иловаларга мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ходимларининг чекланган сони 70 нафар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда Инспекция деб юритилади) ходимларининг сони 41 нафар миқдорда белгилансин.

Ҳисоб палатаси раисига зарур ҳолларда Ҳисоб палатасининг тасдиқланган тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

5. Белгилаб қўйилсинки:

Инспекцияга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади;

Инспекция бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари ҳисобланади ҳамда мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт таъминоти шарт-шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади.

6. Ҳисоб палатасига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун давлат органлари ва ташкилотларнинг маълумотлар базасига кириш;

ўз ваколатлари доирасида давлат органлари ва ташкилотларга уларнинг маълумотлар базасидаги номувофиқликларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

Давлат бюджети даромадлари прогнозининг тўғрилигини баҳолаш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш, солиқларнинг тўлиқ йиғилувчанлигини ва солиққа тортиш объектларининг тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлаш бўйича ўтказиладиган назорат тадбирларига молия, солиқ ва бошқа органларнинг ходимларини жалб этиш;

назорат тадбирлари натижалари бўйича қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш, давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш, самарасиз солиқ ҳамда божхона имтиёзларини бекор қилиш, солиқ маъмуриятчилиги ва солиқ солинадиган базанинг тўлиқ қамраб олинганлигини яхшилашга қаратилган солиқ ставкаларини ўзгартириш юзасидан таклифлар киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасига, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ҳудудий давлат солиқ ва молия органлари раҳбарларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида тақдимномалар киритиш.

 Олдинги таҳрирга қаранг.

(7-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 декабрдаги ПФ-5283-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.12.2017 й., 06/17/5283/0407-сон)

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда маълумотлар базасига Ҳисоб палатасига кириш ҳуқуқи бериладиган давлат органлари ва ташкилотларнинг рўйхатини тасдиқласин.

9. Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банки, Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда реал вақт режимида солиқ солинадиган базани, солиққа тортиш объектлари тўлиқ ҳисобга олинганлигини солиқ органлари ва бошқа органлар, шунингдек банкларнинг маълумотлар базасини солиштириш орқали баҳолаш имконини берувчи дастурий комплексни ишлаб чиқсин ва ишга туширилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ишлар бошқармаси:

икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг харажатлар сметаси ва штатлар жадвалига ўзгартиришлар киритсин;

Ҳисоб палатасини Ўзбекистон Республикаси Президенти девони бинолари мажмуасига жойлаштирсин;

Ҳисоб палатасини зарур мебель, компьютер техникаси, инвентарь ҳамда бошқа моддий-техника воситалари билан таъминласин.

11. Ҳисоб палатаси ходимларига нисбатан 2018 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 31 октябрдаги 312-сон қарорининг амал қилиши татбиқ этилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонлари 5-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

13. Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган, шу жумладан Ҳисоб палатасига маълумот тақдим этмаганлик ёхуд била туриб нотўғри маълумот тақдим этганлик, унинг тақдимномаларини бажармаганлик, шунингдек фаолиятига аралашганлик ҳамда юклатилган вазифалар ва функцияларнинг қонуний ижро этилишига тўсқинлик қилиш мақсадида унинг ходимларига ҳар қандай шаклда таъсир кўрсатганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ушбу Фармонга мувофиқлаштирилишини таъминласин.

14. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчилари В.А. Голишев, У.С. Исмаилов ва Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари К.В. Акмалов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,2017 йил 10 август,ПФ-5147-сон

Қарорнинг тўлиқ матни билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз  мумкин: http://lex.uz 

28 Январ 2018

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея