Қурилиш соҳасида қонунийликни таъминлаш йўлидаги янги механизмлар

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Йўлдошев раислигида қурилиш соҳасида қонунийликни таъминлаш ҳамда рақамлаштиришга доир вазифалар ижроси юзасидан идоралараро йиғилиш ўтказилди. Унда Ҳисоб палатаси раиси А.Бобоев ҳам иштирок этди.

 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида жорий йил 29 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида қурилиш соҳасида белгиланган вазифалар ижросини ташкил этиш, янги назорат механизмларини амалиётга жорий этиш ҳамда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш борасида долзарб чора-тадбирлар муҳокама қилинди. 

Йиғилишда Президент Администрацияси масъуллари, Ҳукумат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ва тегишли масъул ходимлари, шунингдек, жойлардан вилоят ва шаҳар ҳокимлари қатнашди. 

Ҳисоб палатаси раиси А.Бобоев ўз чиқишида вазирлик ва давлат идораларининг масъуллари ўз тизимларида маблағларнинг сарфланиши бўйича мониторингни кучайтириш лозимлигига асосий эътибор қаратди. Бюджет маблағларини талон-торож қилиш, айниқса, қурилиш соҳасида тизимли ҳуқуқбузарликлар аниқланган ҳолатда биринчи навбатда қонунчиликни такомиллаштиришга алоҳида урғу бериш лозимлиги таъкидланди. Ҳисоб палатасида бюджет харажатларини масофадан туриб назорат қилиш имкониятлари яратилгани қайд этилди.

Шу билан бирга, ҳозирда Ҳисоб палатаси ва Бош прокуратура томонидан ҳамкорликда бюджет маблағларини нотўғри ишлатиш ҳолатлари тўғрисида ҳудудий прокуратура органларига тезкор маълумот етказиш орқали ноқонуний харажатларни барвақт тўхтатиб қолиш тизимини жорий қилиш ишлари амалга оширилаётгани маълум қилинди.

Идоралараро йиғилишда Давлатимиз Раҳбари томонидан қурилиш соҳасида бюджет маблағларининг талон-торож қилинишини олдини олиш мақсадида янги тизим белгилаб берилганлиги айтиб ўтилди. Шу боис, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш устидан самарали назорат тизимини жорий қилиш механизмлари белгилаб олинди. 

 

Йиғилиш якунига кўра, қурилиш масалаларига алоқадор вазирлик ва идораларда бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда янги назорат механизмларини жорий этиш бўйича йўл хариталарини ишлаб чиқиш ва бошқа зарур чора-тадбирлар кўриш юзасидан келишиб олинди.

 

 

3 Феврал 2024

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея