Ҳисоб палатасининг фаолияти такомиллаштириш йўлидаги янги қадам

Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида давлат молиявий назорати ва ташқи аудити тизимини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ушбу ислоҳотлар замирида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг фаолияти ҳам янги босқичга чиқди ҳамда мамлакатимиздаги барча давлат молиявий назорати органларининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи ягона давлат органига айланди. 

Ҳисоб палатаси давлат органлари билан ўзаро электрон маълумот алмашинуви амалиётини кенг йўлга қўйди. Бюджет ташкилотларида ўтказиладиган давлат молиявий назорати тадбирларини назорат қилиб, такрорий текширишларнинг олдини олишга қаратилган “Давлат аудити” дастурий комплекси ишга туширилди.

Ҳозирда Ҳисоб палатаси ўз фаолиятида халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган молиявий, мувофиқлик ва самарадорлик аудитлари каби назорат тадбирларини ташкил қилмоқда.  

Охирги 2 йилда Ҳисоб палатаси Олий аудит органларининг халқаро ташкилоти (ИНТОСАИ), Осиё Олий аудит органларининг ташкилоти (АЗОСАИ), ЭКОСАИ ташкилотининг аудит бўйича қўмитасининг тўлақонли аъзосига айланди. 

Ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида куни кеча Давлатимиз раҳбари “Ҳисоб палатасининг фаолияти такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни имзолади.

Янги Қонун билан “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 13 та моддаси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2 та моддасига ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, Қонунда: 

– Очиқлик ва ошкоралик тамойилларини таъминлаш мақсадида Ҳисоб палатаси ўз расмий веб-сайтига ўз иш режалари тўғрисидаги маълумотларни ҳамда назорат тадбирлари натижалари бўйича аниқланган молиявий ҳуқуқбузарликлар ва уларнинг бартараф этилганлиги ҳақидаги маълумотларни мунтазам тарзда жойлаштириб бориш;   

– Ҳисоб палатасига мамлакатимиз Қонунлари ижро этилишини ўз ваколатлари доирасида назорат қилиш, Давлатимиз раҳбарининг Фармон, қарор ва топшириқларида белгиланган ижро муддатларини узайтириш тўғрисидаги таклифлар юзасидан Президенти Администрациясига хулосалар киритиш; 

Ҳисоб палатаси раисига ушбу муассасанинг таркибий тузилмалари тўғрисидаги низомларини, шу жумладан, штат жадвалини тасдиқлаш ва бошқа ваколатлар;

– Ҳисоб палатасининг давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик ҳамда бюджет ташкилотларида  мол-мулкни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан оз миқдорда талон-торож қилганлик учун баённомалар расмийлаштириш ҳуқуқи белгиланди.

Ушбу Қонунни ишлаб чиқишда Япония, Корея Республикаси, Россия Федерацияси, Грузия, Молдова, Қозоғистон ва Озарбайжон, шунингдек, бошқа ривожланган мамлакатларнинг давлат аудит соҳасидаги ижобий тажрибалари ҳисобга олинган.   

Бундан муқаддам ушбу Қонун лойиҳа сифатида www.regulation.gov.uz дастури орқали жамоатчиликка эълон қилиниб, муҳокама қилинган.

 

Янги Қонуннинг қабул қилиниши Ҳисоб палатасининг ҳуқуқий фундаментини янада мустаҳкамлашга, унинг иш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга ҳамда ўзига юклатилган вазифаларни янада самарали ва тўлақонли амалга оширишга замин яратади. 

 

 

18 Июл 2023

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея