Соғлиқни сақлаш соҳасида молиявий ва самарадорлик аудити натижалари

Ҳисоб палатасининг 2021 йилдаги назорат ишлари режасига мувофиқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида молиявий ва самарадорлик аудити ўтказилди.

Соҳага салмоқли даражада маблағлар ажратилаётган бўлсада, уларнинг шаффофлигини таъминлаш, маблағлардан самарали фойдаланиш, рақамлаштириш ва тиббий суғурта жамғармаси орқали молиялаштириш каби йўналишларда тизимли муаммолар мавжудлиги аниқланди.

Хусусан, 9 та туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари томонидан иш ҳақи учун ажратилган бюджет маблағлари ноқонуний ўзлаштирилганлиги аниқланди.

Шунингдек, хорижий кредитлар ҳисобига харид қилинган 629 та замонавий тиббий жиҳозлар фойдаланилмасдан омборларда сақланаётганлиги маълум бўлди.

Дори етказиб берувчилар томонидан дори воситалари учун ортиқча устама қўлланилиши натижасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ортиқча харажатларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Худди шундай, соғлиқни сақлаш объектларида амалга оширилган қурилиш таъмирлаш ишларида қўшиб ёзиш, қурилиш материалларига қиммат нархларни қўллаш орқали бюджет маблағлари ортиқча сарфланган.

 

 

Олиб борилган таҳлиллар Қишлоқ шифокори” дастури доирасида республика бўйича бор-йўғи 42 нафар шифокор жалб қилинганлигини ҳамда ажратилган 20 млрд сўм маблағдан атиги 1,2 млрд сўми (6 фоизи) фойдаланилганлигини кўрсатди.

Вазирлик тизимида иш жараёнини автоматлаштириш ва такомиллаштириш мақсадида жами 35 та ахборот тизимлари жорий этилган бўлсада, улардан фойдаланиш бўйича тегишли эксперт хулосалари олинмаган.

Шу билан бирга, молиявий ва самарадорлик аудити давомида имтиёзли тоифага кирувчи беморларга тиббий хизматлар кўрсатиш, вазирлик томонидан ижро интизомига риоя этилиши бўйича бир қатор камчиликлар аниқланди.

Аниқланган камчиликлар бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар тайёрланди.

Шу билан биргаликда, қонунбузилиш ҳолатлари бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар ўзлаштирилган маблағларни ўз жойига тиклаш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун белгиланган тартибда Бош прокуратурага тақдим этилди.

 

 

 

 

 

25 Феврал 2022

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея