Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида мувофиқлик аудити

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 августдаги ПФ-6300-сон Фармонига асосан Ҳисоб палатаси томонидан республикамизнинг ташқи аудити соҳасида биринчи маротаба мувофиқлик аудити Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида ўтказилди.

Бунда олий таълим муассасаларига қабул қилишда фуқароларнинг айрим тоифалари учун берилган имтиёзларнинг амалдаги қонунчилик талабларига ҳамда соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзаро мувофиқлиги ўрганилди.

Сўнгги йилларда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашни кучайтириш мақсадида Президент ҳужжатлари билан фуқароларнинг айрим тоифаларига олий таълим муассасаларига ўқишга киришда бир қатор имтиёзлар тақдим этилган.

Лекин, айрим фуқаро ва давлат хизматчилари томонидан ушбу имтиёзлар суистеъмол қилиниб, белгиланган талабларга жавоб бермасада, ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали имтиёз олиш ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, 118 нафар талабанинг ногиронлиги тўғрисидаги ҳужжатлари имтиёз олиш тоифаларига номувофиқ ёки улар қалбакилаштирилганлиги аниқланди.

Шунингдек, 2021-2022 ўқув йилида олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида қабул қилинган хотин-қизлардан 121 нафари аслида эҳтиёжманд оилалар тоифасига мансуб эмаслиги маълум бўлди.

Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиблари Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сонли қарори, янги таҳрирда “Таълим тўғрисида”ги қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан сўнгги йилларда қабул қилинган 13 та ҳужжатнинг 17 та нормаларига номувофиқлиги аниқланди.

Аниқланган камчиликлар бартараф этиш юзасидан Ҳисоб палатаси томонидан Давлат тест марказининг маълумотлар базасини ва Тиббий ижтимоий эксперт комиссиясининг ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базалари билан интеграция қилиш, инсон омилини чеклаш бўйича тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Тўпланган ҳужжатлар тегишли чора кўриш учун Бош прокуратурага юборилди.

 

23 Феврал 2022

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея