«Ўзаро тажриба барча учун манфаатлидир»

Ўзбекистон Республикасини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг ҳозирги босқичида мамлакатимиз Ҳисоб палатаси илғор халқаро тажрибалар асосида давлат молиявий ресурсларини самарали бошқариш ҳамда бюджет маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш устидан давлат молиявий назорати тизимини такомиллаштиришни ўз олдига  мақсад қилиб қўйган.

Молиявий назорат тизимини тубдан ислоҳ қилиш эҳтиёжлари ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда 2021 йилнинг 27 август куни “Давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони қабул қилинди.

Унда давлат раҳбари томонидан Олий аудит органларининг халқаро стандартлари (ISSAI) асосида, халқаро тажрибадан келиб чиқиб, республикада янги молиявий, самарадорлик, мувофиқлик ҳамда фуқаролар иштирокидаги аудитнинг миллий стандартларини ишлаб чиқиш ва Ҳисоб палатасининг назорат тадбирларини ушбу стандартларга мувофиқ ўтказиш вазифаси юклатилди.

Ушбу стандартларни ҳаётга татбиқ этиш, бу борада халқаро тажрибаларни ўрганиш мақсадида Президентимиз Фармони билан 2022 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига Олий аудит органларининг халқаро ташкилоти (INTOSAI)га аъзо бўлиш вазифаси юклатилди.

INTOSAI 1953-йилда ташкил этилган ва БМТга аъзо мамлакатлардаги олий аудит институтларини бирлаштирувчи юқори нуфузга эга бўлган автоном халқаро ташкилот саналади. 2021 йил ҳолатига кўра, ушбу ташкилотга 195 мамлакатнинг Олий аудит органлари аъзо бўлган. Ушбу форматдаги халқаро тузилмага аъзо бўлишдан Ўзбекистон манфаатдор.

 

INTOSAI ташкилотининг шиори: “Experientia Mutua Omnibus Prodest” 

(яъни, “Ўзаро тажриба барча учун манфаатлидир”).

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан ташқи сиёсатда халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар билан кўп томонлама муносабатлар ўрнатиш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Давлатимиз Раҳбари жорий йилнинг 6 ноябрь куни расмий инаугурация маросимида сўзлаган нутқида халқаро ихтисослашган тузилмалар билан ҳамкорлигимизни янги, амалий маъно-мазмун билан бойитамиз, деб таъкидлаган эди.

Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан INTOSAI ташкилотига аъзо бўлишнинг мазмуний ва ташкилий  жиҳатлари устида фаол иш олиб борилди.

Хусусан, аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштириш мақсадида ташкилотга 2019-2022 йилларда раислик қилувчи Россия Федерацияси Ҳисоб палатаси раиси Алексей Кудрин ва ташкилотнинг Бош котиби, Австрия Олий аудит органи раҳбари Маргит Кракер билан мунтазам конструктив мулоқот амалга оширилди.

Шунингдек, Бошқарув Кенгаши таркибига кирувчи 18 та давлатнинг Олий аудит органлари раҳбарлари билан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг INTOSAI га кириш ташаббусини қўллаб-қувватлаш юзасидан музокаралар олиб борилди.

Жорий йилнинг 23 ноябр куни бўлиб ўтган INTOSAI Бошқарув Кенгашининг навбатдаги 75-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ушбу ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинди.

Бу, авваламбор, Ўзбекистон Республикасининг очиқлик ва шаффофлик тамойилларига асосланиб халқаро ҳамжамият билан конструктив мулоқотининг маҳсулидир.

INTOSAI тузилмасига интеграциялашув Ўзбекистонда ташкил қилинган давлат молиявий назорати тизими учун бир қатор тизимли афзалликлар беради, хусусан:

  • унинг салоҳиятини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш;
  • давлат секторини самарали назорат қилишнинг янги стандартларини ўзлаштириш;
  • илғор ғоялар, хорижий тажриба ва ноу-хау алмашинуви;
  • халқаро ҳамжамият доирасида эътироф этилган жамоатчилик овозига эга бўлиш имконияти.

 

Яъни, INTOSAI ташкилотига аъзолик Ўзбекистон учун давлат секторидаги аудитнинг нуфузли халқаро стандартларга мослаштириш имкониятини беради.

Мазкур стандартлар мамлакатимизда молиявий назорат жараёнининг шаффофлигини ошириш, аудиторлик фаолияти сифатини таъминлашга хизмат қилади. Натижада, бу давлат молиявий назорати органлари ҳамда аудит натижаларига нисбатан кенг жамоатчилик ишончининг ошишига олиб келади.

Ҳисоб палатаси INTOSAI га аъзо бўлган хорижий давлатлар олий аудит органлари билан ҳамкорликни ривожлантиришни режалаштирган.

 

Мақолани рус тилида ўқинг: http://uzdaily.uz/ru/post/65669

Мақолани инглиз тилида ўқинг: http://uzdaily.uz/en/post/69941

2 Декабр 2021

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея