Давлат харидлари самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлари тўғрисида

Ҳар бир мамлакатда давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш уларнинг натижадорлигини ошириш ва мавжуд молиявий тизимни шакллантириш, уни барқарорлаштириш иқтисодий ўсишнинг асосий шартларидан биридир.

Давлат харидлари давлат молияси тизимининг ривожини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиб, бир томондан бюджет соҳаси самарадорлигига, иккинчи томондан эса, давлат бюджети маблағларининг мақсадли натижавийлигига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади.

Давлат харидларини белгиланган норматив-меъёрий ҳужжатларда белгиланган тартибларда амалга оширилиши мамлакатнинг стратегик мақсадлари, вазифалари ва ривожлантириш давлат дастурларини ўз вақтида амалга оширилишини ҳамда давлат ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг сифатли ва тўлиқ бўлишини кафолатлайди.

Албатта давлат харидлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тўғри қўлланилиши устидан давлат назоратини йўлга қўйилиши ушбу соҳанинг узлуксиз такомиллашиб бориши, давлат харидлари субъектларига қулай муҳитни шакллантирилиши ҳамда давлат харидларини амалга оширишда коррупцияни олдини олиш имкониятларини беради.

Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунининг 70-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ушбу Қонуннинг ва давлат харидлари соҳасидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тўғри қўлланилиши устидан давлат назоратини амалга оширувчи орган этиб белгиланган.

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йил давомида ўтказилган мониторинг ишлари натижасида аниқланган ноқонуний битимлар ва харидлар тизимидаги камчиликлар юзасидан Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига 20 дан ортиқ таклифлардан иборат ахборотлар тақдим қилинди.

Бундан ташқари давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган – Молия вазирлиги ва махсус ахборот портали операторига – “Ўзбекистон республика товар хом-ашё биржаси” АЖга кўрсатмалар киритилиши натижасида махсус ахборот портали дастурий таъминотига Қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда ноқонуний ҳаракатларни олдини олувчи таъқиқлар ўрнатилди.

Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4388-сонли қарори ҳамда 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5886-сонли фармони билан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда доимий равишда давлат харидлари самарадорлиги ва натижадорлигининг масофавий таҳлилини амалга ошириш вазифаси юклатилган.

Ушбу вазифани сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг махсус фармойиши қабул қилиниб масъул ходимлар белгиланди.

Масъул ходимлар зиммасига давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан масофавий ўрганиш ишларини амалга ошириб, натижаси бўйича таҳлилий маълумотлар ва аниқланган ҳолатларни жойига чиққан холда ўрганиш бўйича таклифлар тайёрлаш юклатилди.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси қошида вазирлик ва идоралар томонидан амалга ошириладиган давлат харидларининг самарадорлиги ва натижадорлигини масофавий таҳлил қилиш бўйича доимий равишда фаолият юритувчи ишчи гуруҳи шакллантирилди.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, Ҳисоб палатаси ходимлари томонидан узлуксиз масофавий мониторингни амалга ошириш бўйича “Ўзбекистон республика товар хом-ашё биржаси” АЖ дастурий таъминоти маълумотлари базасига уланилди, report.uzex.uz электрон манзили орқали давлат харидлари бўйича маълумотлар шакллантириш имконияти яратилди.

16 Январ 2020

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея