“Евроцемент груп” компанияси делегацияси билан учрашув ПРЕСС-РЕЛИЗИ

2019 йил 25 январ куни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасида “Евроцемент груп” компаниясининг Президенти – Скороход Михаил Анатольевич раҳбарлигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда компания томонидан Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди.

Маълумот  учун: "Евроцемент груп" дунёда бешта йирик цемент корхоналаридан бири бўлган ҳалқаро саноат холдингидир. Россия, Украина ва Ўзбекистонда 19 цемент заводини, шунингдек бетон, темир-бетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш заводларини ва норуда материаллар конларини бирлаштиради.

Холдинг корхоналари бир йилда 60 млн тоннадан ортиқ цемент, 11 млн. тоннадан ортиқ бетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватига эга, норуда материаллар заҳиралари 5,5 млрд. тоннани ташкил қилади.

Урашув давомида инвестор томонидан тўғридан-тўғри инвестициялар асосида амалга оширилаётган ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 ноябрдаги ПҚ-3997-сонли “Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги икки томонлама стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган қуйидаги лойиҳаларга оид устувор масалалар кўриб чиқилди:

Тошкент вилоятидаги “Оҳангаронцемент” ОАЖ базасида йиллик ишлаб чиқариш қуввати 3 млн. тонналик янги цемент ишлаб чиқариш линиясини барпо этиш (қиймати 160 млн. АҚШ доллари);

Тошкент шаҳридаги “Қурилиш материаллари ва конструкциялари” заводини реконструкция қилиш, бетон буюмлар, рефрактер ғиштлари ва иссиқлик изоляцияси материалларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш (қиймати 40 млн. АҚШ доллари).

Ўзбекистон Республикасининг узоқ муддатли ҳамкорларидан бири бўлган, мамлакатимизда 14 йилдан буён фаолият юритаётган “ЕВРОЦЕМЕНТ груп” корхонасининг раҳбари мамлакатимизда сўнгги икки йилда иқтисодий сиёсат ва инвестиция муҳитида кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Пул-кредит сиёсатининг либераллашуви, солиқ тизимининг ислоҳоти ва янги курс доирасида амалга оширилаётган бошқа тадбирлар хорижий сармоядорлар учун кенг инвестиция имкониятларини яратмоқда, инвестиция жараёнлари жадаллашувига, жаҳон трансмиллий компаниялари томонидан лойиҳаларни мамлакатимизда амалга оширишга қизиқишнинг кескин даражада ортишига ёрдам бермоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон, катта салоҳият ва барқарор ўсишни таъминловчи тамойилларга эга минтақа сифатида "Евроцемент груп" ривожланиш стратегиясининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

2020-2022 йилларда Ўзбекистон цемент бозорининг потенциал хажми компания томонидан 15-18 млн. тонна миқдорда баҳоланмоқда. Шу билан бирга республика энергия тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича МДҲ мамалакатлари ўртасида етакчилардан бири ҳисобланади ("қуруқ усул"да цемент ишлаб чиқариш улуши 50 фоиздан ортиқ) ва ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланишнинг энг юқори (95-97%) даражасига эга.

Йиғилиш давомида "Евроцемент груп" компаниясининг раҳбари қурилиш-монтаж ишлари белгиланган муддатларда якунланишини тасдиқлаб, ишлаб чиқариш объектлари 2020-2021 йилларда фойдаланишга топширилишини, шунингдек қурилиш муддатларини қисқартириш борасида компания томонидан қатор тадбирлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Ҳисоб палатаси вакиллари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги ПФ-5565-сонли фармони билан палата олдига инвестиция лойиҳаларини амалга оширилишига кўмаклашиш вазифаси қўйилганлиги ва жорий этилган ушбу механизм ўтган икки ой ичидаёқ ўз самарадорлигини тасдиқлаганлигига эътибор қаратилди.

Ҳусусан, биргина “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компаниясида ташкил этилган сайёр йиғилишда "Евроцемент груп" томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларни хомашё, инфратузилма ва муҳандислик коммуникациялари билан таъминлаш билан боғлиқ қатор масалаларни ҳал қилишга амалий ёрдам кўрсатилди. Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар бўйича ўзаро ҳамкорлик давом эттирилади.

25 Январ 2019

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея