Қонунчилик палатаси депутатлари Ҳисоб палатаси фаолияти билан танишди

Ҳисоб палатаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси билан биргаликда амалий тадбир ташкил этди. Тадбирда Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 5 март куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ҳисоб палатаси томонидан коррупцион ҳолатларни олдини олишга қаратилган реал вақт режимидаги мониторинг тизими муҳокама қилинди.  

Тадбирда Қўмита раиси Ш. Назаров, Қўмита аъзолари, сиёсий партиялар фракциялари вакиллари иштирок этди. Унда Ҳисоб палатаси томонидан ташкил қилинган мониторинг тизими бўйича мамлакатимизда давлат молиявий ресурсларининг самарали бошқарилиши, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан давлат молиявий назорати, шунингдек қонунчилик ҳужжатларининг ижроси самарали ташкил этилаётганлиги кўриб чиқилди.

Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М. Абдуллаев ушбу идорада рақамли трансформация жараёнлари ва масофавий назоратни ташкил этиш бўйича қилинган амалий ишлар юзасидан маълумот берди.  

М. Абдуллаев Ҳисоб палатасида яратилган катта ҳажмдаги маълумотлар базаси орқали онлайн режимида давлат маблағлари сарфини назорат қилиш тизими ҳисобига ўтказиладиган текширишлар сони қисқартирилиб, масофадан туриб камчиликларни барвақт олдини олиш тизими йўлга қўйилганини қайд этди.

Қонунчилик палатаси депутатлари Ҳисоб палатасининг Масофавий назорат маркази фаолияти билан танишди. Жумладан, Марказ фаолияти 3 та йўналишда – Ҳисоб палатаси ички ва ташқи фаолияти назорати, вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базаларидан фойдаланиш асосида амалга оширилаётганлигига оид батафсил маълумот берилди.

 

 

Шунингдек, риск-таҳлилларни вазирлик ва идоралар томонидан ўрганиш учун “Масофавий аудит” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий қилинганлиги депутатларга тушунтирилди.

Ушбу тизимда 28 та риск-таҳлил механизмлари ва 447 та модуллар орқали амалга оширилаётган назорат тадбирлари ҳақида Марказ мутахассислари томонидан маълумот берилди.  

Жумладан, Масофавий назорат марказида 37 та вазирлик ва идораларнинг 234 та турдаги маълумотлар базаларини интеграция қилинган.

Ҳисоб палатасида яратилган ушбу катта ҳажмдаги маълумотлар базаси орқали онлайн режимида давлат маблағлари сарфининг қонунийлиги, мақсадлилиги ва самарадорлигини назорат қилиш тизими йўлга қўйилди.

Бунинг ҳисобига ўтказиладиган текширишлар сони қисқартирилиб, масофадан туриб камчиликларни барвақт олдини олиш тизими йўлга қўйилди, шу билан бирга ахборот тизимидан жами 342 та, шундан 255 та вазирликларнинг ички назорат тузилмалари фойдаланиб келинаётгани бўйича кенг маълумотлар берилди.

Тадбирда депутатлар Марказ томонидан қатор давлат идораларининг маълумотлар базалари интеграция қилинганлиги ҳамда катта ҳажмдаги маълумотлар базаси орқали онлайн режимда бюджет маблағлари сарфининг қонунийлиги ва мақсадлилигини назорат қилиш тизимига оид саволларга жавоб олди.

Депутатлар соҳани ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш борасида ўз таклиф ва тавсияларини берди. 

Тадбир якунида Қўмита раиси Ш. Назаров биргаликда ҳудудларда давлат бюджети маблағларининг мақсадсиз ишлатилиши оқибатида келиб чиқиши мумкин бўлган коррупция холатларининг олдини олиш борасида ҳамкорлик қилишни таклиф этди.

Учрашув очиқ ва конструктив форматда бўлиб ўтди.

 

13 Март 2025

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея