Йирик корхоналарда хавфларни бошқариш соҳасидаги таҳлиларга бағишланган амалий семинар

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган йирик корхоналарда халқаро стандартлар асосида ўтказиладиган аудит турлари, “Масофавий аудит” АТдан фойдаланиш имкониятлари ҳамда коррупцияга қарши ички назорат тизимини самарали бошқариш омиллари” мавзусига бағишланган ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди. 

Тадбир Ҳисоб палатаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Бош прокуратура билан ҳамкорликда ташкил этилди. Семинарда йирик корхоналар раҳбарлари, ички аудит, молия-иқтисод, комплаенс назорати ва хавфларни бошқариш бўлинмалари бошлиқлари иштирок этди.
 
Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Меҳриддин Абдуллаев ушбу идорада амалга оширилаётган трансформацион жараёнларга урғу берди. Таъкидланганидек, жорий йилнинг 20 январь куни Давлат раҳбари ҳузурида Ҳисоб палатаси фаолияти билан боғлиқ йиғилишда ҳамда 2024 йил 10 июлда қабул қилинган “Бюджет маблағларидан фойдаланиш устидан молиявий назоратни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Фармон билан Ҳисоб палатасининг устувор вазифалари Президентимиз томонидан белгилаб берилган. 
 
2025 йил 1 январдан бошлаб молиявий ва бошқа хавфларни олдини олиш учун давлат идоралари ва устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган йирик ташкилотларда уларнинг биринчи раҳбарлари бошчилигида Хавфларни бошқариш қўмиталари тузиш белгиланган.
 
 
 
Уларнинг асосий вазифалари тизим фаолиятида аниқланган муаммо ва камчиликларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, уларнинг олдини олиш юзасидан таҳлилий ахборотлар ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, шунингдек кадрлар салоҳиятини оширишдан иборат.
 
М. Абдуллаев топшириқлар ижросининг биринчи қадами сифатида Ҳисоб палатаси ҳам ўз фаолиятига чуқур ўзгартиришлар киритиб, назорат тадбирларида фақат хато-камчиликларни аниқлаш эмас, балки ташқи аудитга эътибор қаратган ҳолда назорат объектидаги тизимли муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечимини топишга интилаётганини таъкидлади.
 
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов ўз тақдимотида бугунги кунда Президентимизнинг сиёсий иродаси туфайли мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тараққиётга путур етказувчи коррупция иллатининг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциявий омилларга чек қўйишга қаратилган тизимли, мақсадли ва комплекс чора-тадбирлар амалга ошириб келинаётганлигига эътибор қаратди.
 
Хусусан, жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 117 та давлат ташкилотида 1285 нафар штат бирлигида иборат ички назорат тузилмалари фаолияти жорий этилган, 190 та давлат идоралари ва давлат иштирокидаги корхоналарда коррупцияга қарши курашиш тизими яратилди.  
 
Ҳар бир давлат ташкилоти кесимида коррупцияга қарши курашиш сиёсати белгиланиб, унда ташкилот ходимларининг этика қоидаси ва манфаатлар тўқнашувини аниқлаш, коррупциявий хавфларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни минималлаштириш, коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитиш ва хабардорлик даражасини ошириш бўйича механизмлар жорий этилди.
 
Тадбир доирасида Ҳисоб палатаси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасида ўзаро Ҳамкорлик тўғрисида меморандум ва унинг доирасида  амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури имзоланди. 
 
 
 
 
Ҳамкорлик доирасида биргаликда коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тизимини самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш, ахборот тизимлари орқали реал вақт режимида идоралараро маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек, давлат харидлари соҳасида қонунчилик ижросини таъминлаш, таҳлилий маълумотлар тайерлаш ва ўзаро алмашиш назарда тутилган.
 
Тадбирда хорижий ҳамкорлар ҳам иштирок этди. Хусусан, “Ernst&Young” компаниясининг Ўзбекистондаги бизнес консалтинг департаменти директори Асқар Обидов “Ўзсувтаъминот” АЖнинг молиявий ва операцион самарадорлигини ошириш бўйича тақдимот қилди.
 
Семинарда, шунингдек, қатор муҳим тематик йўналишларда тақдимотлар тингланди. Жумладан, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган йирик корхоналарда халқаро стандартлар асосида ўтказиладиган аудит турлари, «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун билан ўрнатилган талаблар ва механизмларни самарали жорий этиш, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши, капитал қурилиш ишларини амалга ошириш тартиблари, бизнес-режаларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама этилди. 
 
Масофавий аудитни замонавий ахборот технологиялари воситасида кенг кўламда қўллаш, Ҳисоб палатасининг “Масофавий аудит” автоматлаштирилган ахборот тизими ҳамда вазирлик ва идораларнинг ушбу дастурга интеграцияси самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилди. 
 
Ҳисоб палатаси томонидан йирик корхоналарга қуйидаги йўналишлар белгиланди: 
 харидларни амалга оширишда давлат харидлари соҳасидаги қонунчиликда белгаланган талабларга қатъий риоя қилиш;
 операцион самарадорликни ошириш, авваламбор ишлаб чиқариш тан нархини ва операцион харажатларни оптималлаштириш бўйича тизимли ва таъсирчан чоралар кўриш, ишлаб чиқариш жараёнларни рақамлаштириш орқали меҳнат унумдорлигини ошириш; 
 инвестицион харажатлар, жумладан, объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлашда харажатлар бўйича қарор қабул қилганда тежамкорлик, самарадорлик ва натижадорлик тамойилларга қатъий риоя қилиш;
 халқаро стандартлар асосида камида ярим йиллик молиявий ҳисоботларни тузиш, бунда масъул мутахассисларни “АССА” каби халқаро сертификатларга ўқитиш орқали ҳисободорлик тизимини самарадорлигини ошириш;
 рискларни бошқариш тизимини кенг жорий этиб, молиявий, иқтисодий  хавфсизликка оид хавф-хатарларни олдиндан таҳлил қилиш ва уларни салбий оқибиталарини минималлаштириш;
 таъсирчан ички назорат ва аудит тизимини кучайтириш орқали корхонларнинг стратегик мақсадларига эришишга кўмаклашиш.
 
Тадбир сўнгида спикерлар томонидан “тежамкорлик ва барқарорликни таъминлаш” тамойилининг аҳамияти алоҳида таъкидланди. Барча иштирокчилардан маблағлардан самарали фойдаланиш ва мақсадсиз харажатларга йўл қўймаслик, ижро интизомига амал қилиш ва қонунбузилиш ҳолатларини олдини олиш бўйича барча зарур чора-тадбирларни кўришга даъват қилинди.
 
Интерактив ўтган тадбирда йирик корхоналарнинг харажатлар самарадорлигини ошириш, соҳадаги тизимли муаммолар таҳлили, илғор хорижий тажриба асосида кўплаб инновацион ечимлар кун тартибидан ўрин олди.
 

14 Феврал 2025

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея