Ҳисоб палатасининг I ярим йиллик якунлари бўйича брифинги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ҳисоб палатаси томонидан 2024 йилнинг I ярим йиллигида амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг бўлиб ўтди. Унда Ҳисоб палатасида амалга оширилган тизимли ишлар ва трансформацион жараёнлар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг I ярим йиллигида Ҳисоб палатаси томонидан жами 29 та назорат тадбири ўтказилди. 28 та йўналишда таҳлиллар тайёрланиб, жойларда олиб борилаётган ишларга амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Бунда, давлат бюджети маблағларини ноқонуний сарфланишига сабаб бўлаётган омилларни барвақт аниқлаш ва уларни бартараф этиш, давлат дастурлари ижросини таҳлил қилиш, уларнинг самарадорлиги ва натижадорлигига асосий эътибор қаратилди.
Назорат тадбирларида 150 млрд сўмлик ортиқча ва ноқонуний, 797,4 млрд сўмлик мақсадсиз ва самарасиз харажатлар каби ҳолатлар аниқланиб, уларни бартараф этиш ва келгусида такрорланмаслик чоралари кўрилди.
Шунингдек, 2024 йил учун Давлат бюджети харажатлари ижроси ва йил якунигача маблағларни ўзлаштириш имкониятлари қайта баҳоланиб, 2,5 трлн сўм миқдоридаги маблағларни мақбуллаштириш юзасидан таклифлар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқлари ижросини назорат қилиш бўйича 4 та вазирлик ва идоралар, 8 та вилоят ҳокимлигида тематик ва манзилли ўрганишлар ўтказилиб, 76 та топшириқнинг ижроси жойида таъминланди.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларда амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан Андижон, Наманган, Хоразм, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида маҳаллаларда аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этиш, бандликни таъминлаш, “маҳалла еттилиги” фаолияти ва ёшлар билан ишлаш тизимини самарали ташкил этишда ташкилий ва услубий жиҳатдан кўмаклашилмоқда.
Қолаверса, Ҳисоб палатаси фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида давлат молиявий назоратида рақамлаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.
Ҳисоб палатасининг Масофавий назорат марказида “Масофавий аудит” ахборот тизими жорий этилиб, унда 36 та йўналишда автоматик таҳлилларни амалга ошириш йўлга қўйилди.
Бюджет маблағлари ажратиладиган соҳаларнинг йил сайин ошганини ҳисобга олиб, давлат молиявий назорати тизимини кучайтириш мақсадида Президентимизнинг “Бюджет маблағларидан фойдаланиш устидан молиявий назоратни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Унга кўра, Ҳисоб палатасининг вазифалар доираси янада кенгайди.
Жумладан, бундан кейин Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети ижроси ташқи аудитдан ўтказилади ва натижаси бўйича тегишли хулосалар тайёрланади.
2025 йилдан устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган йирик ташкилотлар фаолиятини аудитдан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади.
Давлат бюджетининг барча даражадаги харажатларини ташқи аудитдан ўтказиб боришни таъминлаш мақсадида Ҳисоб палатасида Мудофаа, хавфсизлик ва ички тартибни сақлаш билан боғлиқ харажатларни аудит қилиш бўйича махсус бўлим ташкил этилди.
Бундан ташқари, бюджет интизомини кучайтириш бўйича қатор қўшимча вазифалар белгиланди.
Брифинг якунида қайд этилганидек, бюджет харажатларининг самарадорлиги ва қонунийлигини таъминлаш ҳамда тушумлар тўлиқлиги устидан назорат ишлари Ҳисоб палатаси томонидан давом эттирилади.
Брифингни видео форматда кўришингиз мумкин.
30 Июл 2024
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |