Ҳисоб палатасида «Масофавий назорат» маркази ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 августдаги «Давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6300-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини янада ошириш ва давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПҚ-128-сон Қарорига мувофиқ Ҳисоб палатаси томонидан онлайн ва масофавий таҳлиллар орқали давлат молиясининг ижроси устидан вертикал назорат олиб борилмоқда.
28 та давлат органлари ва ташкилотларининг 115 турдаги маълумотлар базасидан реал вақт режимида фойдаланиш тизими йўлга қўйилиб, ягона “Масофавий назорат” маркази ташкил этилди.
Марказни ташкил этишда қатор вазирлик ва идораларнинг аудитлари таклифлари ҳам инобатга олинган.
Марказ киберхавфсизлик талаблари асосида замонавий серверлар, компьютер ва бошқа зарур ускуналар билан жиҳозланган.
Унинг асосий вазифаси Ҳисоб палатаси фаолиятининг самарадорлигини ошириш, бюджет қонунчилиги бузилишини олдини олиш ва мунтазам профилактика ишларини кучайтиришдан иборат.
Марказнинг фаолияти 3 та йўналишда амалга оширилади:
1. Ҳисоб палатасининг ички фаолият назорати (KPI рейтинг тизими ва бошқалар);
Маълумот учун: 214 та индикатор асосида Ҳисоб палатасининг ҳар бир ходими фаолияти самарадорлигини баҳоловчи KPI рейтинг тизимида ишланмоқда.
2. Давлат молиявий назорати органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизматлари самарадорлиги тизими (2022 йилдан бошлаб “Давлат аудити” дастурий комплекси ишга туширилди);
Маълумот учун: Дастур Олий аудит органларининг халқаро ташкилоти ИНТОСАИнинг “Давлат аудити халқаро журнали” (АҚШ), ЕВРОСАИ махсус бюллетени (Эстония) ва Россия Ҳисоб палатаси “Мониторинг” (Москва) нашрида ижобий баҳоланди.
3. Ташқи ва ички манбалар, ҳамда рискларни аниқлаш бўйича автоматлаштирилган ахборот тизими ишга туширилиб, такомиллаштирилмоқда (Масофавий аудит).
ШҲТ ва МДҲга аъзо давлатлар Олий молиявий назорат органлари томонидан аудитда рақамли технологияларни қўлланилиши борасидаги “Ўзбекистон тажрибаси”ни ўрганишга қизиқишлар билдирилиб, соҳада амалга оширилган ислоҳотлар юқори баҳоланди.
Назорат тадбирларини риск-таҳлил асосида режалаштириш ҳамда онлайн ва масофавий таҳлилга кўпроқ эътибор қаратилганлиги қисқа муддатда ижобий натижаларни бермоқда.
Ҳозирда Ҳисоб палатаси томонидан 25 та йўналишда масофавий риск-таҳлиллар амалга оширилмоқда.
Ҳисоб палатаси бундан кейин ҳам масофавий назорат жараёнларида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланишни давом этади.
7 Октябр 2023
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |