Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш устидан назорат
"Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Қонунга кўра Ҳисоб палатасининг асосий вазифаларидан бири бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш устидан назоратни амалга оширишдан иборат.
Бу борада Ҳисоб палатаси давлат идоралари томонидан ўз расмий веб-сайтларига бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлайдиган ахборотнинг жойлаштирилиши устидан доимий назоратни амалга ошириб келмоқда.
Ушбу назорат йўналишида 2022 йил давомида Ҳисоб палатаси томонидан қатор амалий ишлар бажарилди.
Хусусан, биринчи ва иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар, давлат мақсадли жамғармалари, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг расмий веб-сайтларига 2022 йилнинг ҳар чорагида бюджет жараёнининг очиқлигига доир ахборотнинг жойлаштирилиши юзасидан масофавий тарзда ўрганишлар ўтказиб борилди.
Маълумот ўрнида: 2022 йил I чорак натижалари аввалги нашрларимизда эълон қилинган эди.
2022 йил II чорак якунлари бўйича ушбу йўналишдаги ишлар ҳолати республиканинг 208 та туман ва шаҳар ҳокимликлари кесимида ўрганилди. Натижада, 44 та ҳокимлик маълумотларни тўлиқ жойлаштиргани, 5 таси – тўлиқ жойлаштирмагани ва 159 таси – умуман жойлаштирмагани аниқланди.
Маълумотларни расмий веб-сайтларга жойлаштирмаган ҳокимликлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига 14 та тақдимномалар юборилди.
Ушбу тақдимномаларга асосан ҳудудий ҳокимликларда маълумотларни веб-сайтларга жойлаштиришда хато ва камчиликларга йўл қўйган 83 нафар масъул ходимга нисбатан “Ҳайфсан” интизомий жазо чораси ҳамда 2 нафар масъул ходимга нисбатан “Жарима” интизомий жазо чораси қўлланилган.
2022 йил III чорак давомида 137 та давлат ташкилотлари ўрганилиб, 95 та ташкилот (69%) томонидан барча маълумотларни жойлаштиргани, 22 таси (16%) маълумотларни тўлиқ жойлаштирмагани ҳамда 20 таси (15%) маълумотларни умуман жойлаштирмагани аниқланди.
Натижада, Ҳисоб палатаси томонидан Низом талабларига риоя қилмаган 11 та вазирлик ва идораларнинг 12 нафар мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1757-моддаси (Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, судларга мурожаат қилинди ва уларнинг тегишли қарорлари чиқарилишига эришилди.
2022 йил IV чорак якунлари бўйича 134 та вазирлик ва идораларнинг бюджет жараёнининг очиқлиги соҳасидаги фаолияти ўрганилди. Ушбу давр мобайнида, 72 таси давлат ташкилоти маълумотларни тўлиқ жойлаштиргани, 24 таси – тўлиқ жойлаштирмагани ва 38 таси – умуман жойлаштирмагани аниқланди.
Ҳисоб палатаси юқорида келтирилган давлат ташкилотлари томонидан бюджет жараёнининг очиқлигига доир маълумотларни расмий веб-сайтларга ўз вақтида ва тўлиқ жойлаштирилишини таъминлади.
Ҳисоб палатаси томонидан бюджет ташкилотларда бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибига риоя қилиш устидан тизимли ва қатъий назорат изчил давом эттирилмоқда.
24 Апрел 2023
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |