Оилавий тадбиркорликка ажратилган кредитларнинг муаммоли қисмини камайтириш юзасидан ўтказилган ўрганишлар

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан Дастурларга, жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурига ажратилаётган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш юзасидан назорат тадбирлари ўтказиб борилмоқда.

 

Сўнгги таҳлилларга кўра, Республикада оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги муаммоли кредитлар қолдиғи жорий йил бошига нисбатан 1 май ҳолатига кўра 8 фоизга камайган. 

 

Бироқ, дастурдаги муаммоли кредитлар Наманган (44 фоиз), Андижон (26 фоиз) ва Сурхондарё (20 фоиз) вилоятларида юқори салмоқда қолган.

 

Ҳисоб палатаси томонидан ушбу ҳудудларда амалга оширилган ўрганишлар натижасида муаммоли кредитларни ундириш ва ажратилган кредитлардан самарали фойдаланишда қуйидаги камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган:

– доимий даромад манбаига эга қарз олувчиларнинг 149,4 млрд сўм, хусусан, давлат ташкилотлари ва банкларда фаолият юритаётган ходимларнинг 89,3 млрд сўм муаммоли кредитлари ундирилмаган;

– муаммоли кредитларнинг 79 фоизида қайтмаслик хатари суғурталанган бўлиб, аксарият ҳолларда банклар томонидан уларни суғурта компанияларидан ундириш чоралари кўрилмаган;

– жорий йил бошидан муаммоли кредитлар улушини камайтиришда, банклар томонидан уларни 69 фоизини “умидсиз” деб таснифлаб, балансдан чиқариш орқали қисқартирилган. Яъни, амалда муаммоли кредитлар қайтарилмасдан, банк томонидан шакллантирилган захиралар (харажатлар) ҳисобидан қопланган;

– Чортоқ тумани Баланд адир ҳудудида 2020 йилда ташкил этилган 1 000 та 2 сотихлик иссиқхоналарнинг 95 фоизи ҳозирда яроқсиз ҳолга келиб, улардан фойдаланилмайди.

 

Ўрганиш жараёнида Дастурлар доирасидаги муаммоли кредит қарздорликлари жами 101,2 млрд сўмга камайтирилди.

 

 

Шунингдек, муаммоли кредитларни бартараф этиш, хусусан кредитлар ўз муддатида тўланмаслиги ва мақсадсиз ишлатилиши бўйича қуйидаги таъсир чоралари кўрилди:

400 млрд сўмлик муаммоли кредит қарздорлигини ундириш учун судларга даъво аризалари киритилди;

55 млрд сўмлик муаммоли кредитлар бўйича тўпланган ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди;

168 млрд сўмлик кредит қарздорликлари бўйича суд қарорлари Мажбурий ижро бюролари томонидан ундирувга қаратилди.

 

Шу билан бирга, келгусида қонунбузилиш ҳолатларини олдини олиш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Ўрганишларда аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича мутасадди ташкилотларга кўрсатмалар берилди. Назорат тадбирлари давом эттирилади. 

 

20 Июн 2022

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея