“Яшил йиллик” умуммиллий тадбири доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан
Маълумки, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий йил 1 мартдан бошлаб мамлакатимизда экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири бошланган эди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан ушбу тадбир доирасида баҳор мавсумида дарахт кўчатларини экиш жараёни ва амалга оширилган ишларнинг ҳаққонийлиги ўрганиб борилди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йил бахорги мавсумнинг ҳисоботларига кўра, Республика бўйича жами 129,6 млн дона кўчатлар экилган.
Шу билан бирга, ўрганишлар натижасида тадбирнинг тўлақонли ижросига айрим ҳудудларда ҳокимликлар, мутасадди ташкилот ва идора раҳбарлари томонидан етарли эътибор қаратилмаганлиги аниқланди.
Жумладан:
- дарахт экиш ишларини тизимли ташкил этмасдан, суғориш ва парваришлаш учун тегишли масъуллар бириктирилмаган;
- ҳақиқатда экилмаган 6,2 млн дона кўчатлар ҳисоботларга қўшиб ёзилган;
- 3,4 млн дона кўчатлар дарахт ва кўчатлар суғориш тизими бўлмаган жойларга экилган;
- 2,4 млн дона кўчатлар сувсизлик ва етарли парвариш бўлмаганлиги сабабли баҳор тугамасдан қуриб нобуд бўлган;
- ернинг табиий иқлим хусусиятларини инобатга олмаган ҳолда 341 минг дона кўчатлар яроқсиз ерларга экилган бўлиб, 65 минг донасида кўчатлар орасида белгиланган масофа сақланмаган.
Ваҳоланки, Давлатимиз раҳбари томонидан кўчатларни ҳудудий экология хусусиятларидан келиб чиқиб, тўғри ёндашган ҳолда экиш ва бу борада намунавий маҳаллаларни барпо этиш масаласи қатъий белгиланган эди.
Ўрганиш натижаларига кўра Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда тегишли вазирликларга аниқланган камчиликларни танқидий муҳокама қилиб, қайд этилган хато ва камчиликларни бартараф этиш, шу жумладан, кўчатларни парваришлашга жиддий эътибор қаратиш ва масъулларга кескин интизомий чоралар кўриш юзасидан топшириқлар берилди.
Ҳисоб палатаси томонидан Экология ва Ўрмон хўжалиги қўмиталари билан биргаликда экилган кўчатларнинг парвариши устидан ҳам назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
17 Июн 2022
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |