Давлат органларининг бюджет очиқлиги тўғрисидаги маълумотлари жамоатчилик муҳокамасида
Бюджет очиқлиги, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан бюджет маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларни расмий веб-сайтларда жойлаштириш борасида жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди.
Тадбир Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан ташкил қилинди.
Унда Ҳисоб палатасининг масъул ходимлари иштирок этиб, давлат органлари ва ташкилотларининг бюджет очиқлигини таъминланганлик ҳолати тўғрисида кенг жамоатчиликка ахборот тақдим этдилар.
Жумладан, Ҳисоб палатаси томонидан биринчи ва иккинчи даражали ҳамда ҳудудий бюджет маблағларининг тақсимловчилар, давлат мақсадли жамғармалари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, давлат молиявий назорат органлари томонидан ўз расмий веб-сайтларига бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлайдиган маълумотларни жойлаштириш устидан тизимли назорат олиб борилган.
Тегишли Низомга кўра, бюджет маблағлари сарфланиши юзасидан маълумотларни расмий веб-сайтларга жойлаштириб бориш шакллари, тартиблари ва муддатлари белгилаб берилган.
Аммо таҳлилларга кўра, вазирлик ва идоралар томонидан ушбу тартибга риоя қилиш аҳволи қониқарли даражада эмас. Хусусан, танлов асосида ўрганилган 133 та ташкилотлар томонидан расмий веб-сайтларига бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлайдиган маълумотларнинг 2022 йил 10 февраль ҳолати бўйича жойлаштирилиши таҳлил қилинганда, қуйидагилар аниқланган:
• 66 та вазирлик ва идорада тегишли маълумотлар тўлиқ равишда жойлаштирилган;• 13 та вазирлик ва идорада тегишли маълумотлар қисман тақдим қилинган;• 54 та вазирлик ва идорада эса тегишли маълумотлар умуман жойлаштирилмаган.
Жамоатчилик эшитувига мазкур масалада бюджет очиқлигини таъминламаган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Кинематография агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг масъул раҳбарлари кенг жамоатчиликка бу борада тушунтириш бериш учун таклиф этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари зиммасига жами 13 та тоифадаги ахборотларни ўз расмий веб-сайтида ҳар чоракда эълон қилиш ва даврий янгилаб бориш тартиби белгиланган.
Лекин ўрганиш ва таҳлилларда айрим давлат органлари ва ташкилотлари ўзларининг давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларини ҳар чоракда эълон қилмасдан келаётгани аниқланди.
Жумладан, 2021 йил 4-чорагида уларнинг 80 таси ушбу маълумотларни ўз вақтида белгиланган ресурсларда жойлаштирмаган.
88 та давлат идораси хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш билан боғлиқ харажатлар бўйича ҳисоботларни ўз вақтида очиқ тақдим қилмаган.
Шу билан бирга, ўтган 2021 йилда фуқароларни бюджет жараёнида ҳудудларда жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирлар натижасида айрим ҳудудларда умуман овоз тўпламаган ҳамда “Очиқ бюджет” ахборот порталида “ғолиб” деб топилмаган таклифларни молиялаштириш ҳолатлари аниқланган.
Мисол учун, Жиззах вилояти Зарбдор туманида 4 та, Хоразм вилояти Урганч шаҳрида 5 та таклиф ўрнатилган талабларга зид равишда молиялаштирилган. Жамоатчилик эшитуви давомида бюджет очиқлигини таъминламаган тегишли давлат органлари ва ташкилотлари масъулларининг ахбороти ҳам эшитилди.
Мутасаддиларга бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш устидан назорат Ҳисоб палатасига юклатилгани ҳамда бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларга маъмурий жавобгарлик белгилангани эслатиб ўтилди.
Масалан, куни-кеча 2 та ташкилотнинг мансабдор шахслари бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибига риоя қилинмаганлиги сабабли, маъмурий жавобгарликка тортилди ва 20-21 апрель кунлари суднинг тегишли қарорлари чиқарилди.
Масалан, куни-кеча 2 та ташкилотнинг мансабдор шахслари бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибига риоя қилинмаганлиги сабабли, маъмурий жавобгарликка тортилди ва 20-21 апрель кунлари суднинг тегишли қарорлари чиқарилди.
Бугунги кунда яна бир қатор ташкилотларнинг мансабдор шахсларини маъмурий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш учун тегишли хужжатлар расмийлаштирилиб, судга юборилган.
Эшитувда, шунингдек, мазкур вазифаларни эътибордан четда қолдирган ташкилотлар мамлакатимизда давлат органлари фаолиятининг очиқлигини тўлиқ таъминлашга салбий таъсир кўрсатган ҳолда, бюджет маблағларининг сарфланиши устидан самарали жамоатчилик назоратини олиб боришга тўсқинлик қилаётгани қайд қилинди.
Таъкидлаш жоизки, давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминловчи механизмларни самарали йўлга қўйиш мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга ҳам хизмат қилади.
Тадбир тафсилотларини ушбу видео лавҳада кўришингиз мумкин.
25 Апрел 2022
Воқеалар
Воқеалар тақвими
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |
Фотогалерея