Депутатлар Ҳисоб палатасининг 2021 йилдаги фаолиятини кўриб чиқдилар
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда халқ вакиллари Ҳисоб палатасининг 2021 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқдилар.
Маълумки, давлат ташқи аудити ва молиявий назоратининг олий органи ҳисобланган Ҳисоб палатаси ўз ваколатлари доирасида барча давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлис палаталарига ҳисобдор ҳисобланади.
Мажлисда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Баҳодир Турабов ҳисобот билан сўзга чиқди.
Таъкидлаш лозимки, Ҳисоб палатасининг фаолият натижалари куни кеча Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан кўриб чиқилди.
Умумий йиғилишда Ҳисоб палатасининг 2021 йилда амалга оширган фаолияти ва унинг натижалари депутатлар томонидан батафсил муҳокама қилинди.
Хусусан, халқ вакиллари асосий эътиборни
- давлат бюджети ижроси,
- давлат дастурлари ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштирилиши ва натижадорлиги,
- бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш,
- бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларидан самарали фойдаланиш,
- давлат қарз маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг самарадорлиги,
- солиқ ва божхона тизими ҳамда яширин иқтисодиётни қисқартиришга қаратилган чораларни амалга ошириш борасидаги эришилган натижалар,
- мавжуд муаммолар, тизимли қоидабузарликлар ва камчиликлар каби масалаларга қаратишди.
Депутатлар бюджет даромадлари тўлиқлигини таъминлаш, ҳудудларда маҳаллий бюджет маблағларининг самарали ишлатилишини назорат қилиш ва бў борада аниқланган тизимли хато-камчиликларнинг бартараф этилиш юзасидан Ҳисоб палатаси томонидан олиб борилган ишларни ижобий баҳолади.
Шунингдек, депутатлар Давлат бюджети параметрларининг шакллантирилиши ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларига мувофиқлиги ҳар томонлама таҳлил қилинганлиги, қабул қилинган давлат ва ҳудудий дастурлари устидан аудит хулосалари ҳисоботда келтирилганлигини маъқуллашди.
Ҳисоб палата томонидан бюджети тизими бюджетлари маблағларининг сарфланиши юзасидан 2021 йилда ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 338 млрд. сўмлик ноқонуний харажатлар, камомад ва ўзлаштиришлар аниқланиб, бюджетга қайтаришга қаратилган.
Шунингдек, 2,7 трлн. сўмдан ортиқ харажатлар мақбуллаштирилиб, устувор вазифаларни молиялаштириш учун қайта тақсимлаштириш имкониятлари яратилди.
Шу билан бирга, давлат харидлари жараёнида 763 та ҳолатда 971,1 млрд. сўмлик манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш ҳолатлари ва бошқа қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Амалга оширилган тезкор ўрганиш ва таҳлиллар натижасида давлат бюджетига 527 млрд. сўмлик қўшимча даромад манбалари аниқланиб, уларни ундириш чоралари белгиланган.
Республика бўйича 2019-2020 йиллар инвестиция дастурларига киритилган қурилиш, коммунал хўжалиги ва йўл соҳасидаги объектлар ўрганилган. Аниқланган ҳолатларга кўра ижтимоий объектлар ва йўлларнинг ўз муддатида фойдаланишга топширилмаганлиги депутатлар томонидан танқидий баҳоланди.
Умумий қиймати 50,9 трлн. сўм бўлган 17 446 та объектда қурилиш ишлари олиб борилган бўлиб, ўрганишларда қиймати (барча манбалар ҳисобидан) 5 трлн. сўмдан ошиқ бўлган 783 та муаммоли белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилмаган.
Мажлисда депутатлар Ҳисоб палатасининг замонавий ахборот-коммуникация ва рақамли технологияларни ҳамда илғор назорат усулларини аудит текширувларини ўтказишда кенг қўллаётганлигини маъқуллашди.
Айниқса, бюджет ташкилотларида ўтказиладиган барча молиявий назорат тадбирларини тартибга солиш, самарадорлигини ошириш ва бу жараёнда инсон омилини камайтиришга хизмат қиладиган “Давлат аудити” дастурий комплексининг яратилганлиги алоҳида эътироф этилди.
Янги тизим орқали бюджет ташкилотларида қайта-қайта текширишлар ўтказиш ҳолатлари ҳамда фаолиятига асоссиз аралашувлар олди олиниши, ўз навбатида ташкилотлар ҳам ўзларида ўтказилган текширувлар юзасидан фикр билдиришлари, унинг якунларига баҳо бериш имкониятларининг яратилганлиги соҳани тартибга солишдаги муҳим қадам сифатида баҳоланди.
Ҳисоб палатаси ўз фаолиятида очиқлик ва ошкоралик принципларига амал қилаётганлиги алоҳида эътироф этдилди.
Шу билан бирга, депутатлар ҳисоботда келтирилган тизимли молиявий ҳуқуқбузарликларга, хато ва камчиликларга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар.
Хусусан, бюджет даромадларини кўпайтириш имкониятларини излаш, мавжуд заҳираларни ишга солиш, яратилган шароитлардан оқилона фойдаланиш ўрнига Давлат бюджетидан берилган маблағларни мақсадсиз ва самарасиз сарф қилиниши ва бюджет маблағларининг ноқонуний ўзлаштирилишига йўл қўйилаётгани, марказий ҳамда маҳаллий идоралар мутасаддиларининг ушбу муҳим масалага эътиборсизлик қилаётгани ва бошқа камчиликлар депутатлар томонидан кескин танқид қилинди.
Айниқса, Сув хўжалиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасаларда аниқланган молиявий қонунбузарликлар жиддий эътирозларга сабаб бўлди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 260,4 млрд. сўмлик молиявий хато, камчилик ва ўзлаштиришлар аниқланганлигига, жумладан, тиббиёт бирлашмаларининг иш ҳақи жамғармасидан 9 та туман (шаҳар)ларда 16,7 млрд. сўмлик бюджет маблағлари ноқонуний ўзлаштирилганлигига алоҳида эътибор берилди.
Муҳокамаларда депутатлар ҳисоботда келтирилган халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларда муаммолар мавжудлигига ҳамда уларнинг келиб чиқиш сабабларига ҳам эътибор қаратдилар.
Депутатлар Ҳисоб палатаси томонидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар белгиланган режа асосида ташкил қилинганлигини эътироф этиш билан биргаликда Палатанинг келгусидаги иш фаолиятига оид таклиф ва тавсиялар ҳам бердилар.
Ҳусусан бюджет интизомини мустахкамлаш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, бирламчи бюджет маблағларини тақсимловчи вазирлик ва идораларнинг бу борадаги масъулиятини ошириш, давлат дастурлари ва йирик лойиҳалар бўйича аудитларни сифатли ва ўз вақтида ўтказиш, Давлат ташқи қарзи ҳисобига амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида олиб борилаётган аудит текширувларига оид тегишли маълумотларни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ўз вақтида киритиб бориш тавсия этилди.
Депутатлар Ҳисоб палатаси томонидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар лозим даражада ташкил қилинганини эътироф этиш билан бирга, келгусидаги иш фаолиятига оид таклиф ва тавсиялар ҳам бердилар.
Мажлисда билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.
15 Март 2022
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |