ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ТОШКЕНТ ТУМАНИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ “ТАБИИЙ ГАЗ НАЗОРАТИ ВА ҲИСОБИНИНГ АВТОМАТЛАШТИРИЛГАН ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ” ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚАРОРИ ИЖРОСИ ЎРГАНИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2020 йил 24 сентябрдаги ПҚ-4840-сонли қарорига мувофиқ, Ҳисоб палатаси томонидан электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимларининг жорий этилиши ҳамда ҳисоб-китоблар ҳолати юзасидан мониторинг олиб борилмоқда.

Қарор асосида табиий газни етказиб бериш соҳасига замонавий ахборот коммуникацияларини жорий этиш, йўқотишларини бартараф этиш, хисобга олиш тизимини такомиллаштириш орқали аҳолини табиий газ билан узлуксиз таъминлашга қаратилган янги тизим «ишлаб чиқариш — газ тақсимлаш станцияси — туман (шаҳар) чегараси — йирик участкалар кириш қисми — истеъмолчи» тамойили асосида жорий қилинмоқда.

Белгиланган тартиб бўйича 2020 йил 1 октябрга қадар Қибрай, Зангиота ва Тошкент туманларида Тизимнинг ўрнатилиши таъминланган.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Энергетика вазирлиги, “Ўзнефтгазинспекция” ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ишчи гуруҳлари томонидан Тошкент туманида тизимни ишлаш жараёни танлов асосида ўрганиб чиқилди.

Туманда қарийб 41 минг нафар аҳоли тоифасидаги истеъмолчиларга замонавий электрон газ ҳисоблагичлари ўрнатилган ҳолда табиий газ етказиб берилмоқда.

Тадбир давомида йирик участкаларнинг кириш қисми ва аҳоли хонадонларига ўрнатилган ҳисоблагичлар кўрсаткичларини таққослаш орқали, меъёрдан ортиқча йўқотишларни аниқлаш ва бартараф қилиш чоралари ташкил қилинди.

Икки кун давомида ўтказилган ўрганишларда 11 та ҳолатда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

Масалан, “Қурувчи” МФЙда яшовчи фуқаро Файзиевнинг хонадонида ҳеч қандай ҳужжатларсиз 50 мм диаметрли қувур орқали газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланган ҳолда 7 сотих бўлган иссиқхоналар иситилаётганлиги маълум бўлди.

Ваҳолангки, 50 мм диаметрли қувур орқали бир кунда ноқонуний истеъмол қилинган газ ҳажми ҳисобига 30 та хонадоннинг кунлик истеъмолини қондириш мумкин.

Шу каби, Алишер Навоий” МФЙда 8 сотихли, “Қир Ариқ” МФЙда 25 сотихли иссиқхоналарда ҳам табиий газдан ноқонуний фойдаланилган.

Бундай ҳаракатлар очиқдан очиқ, барчанинг кўз ўнгида содир этилаётганлиги, йўл қўйилган ҳолатлар айрим ерларда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш учун жавобгарлик ҳиси йўқолганлигини кўрсатаётгани эътироф этилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, аниқланган ҳолатлар бўйича ноқонуний сарфланган табиий газ ҳажми 130 минг м3 дан зиёд бўлиб, 230 дан ортиқ хонадоннинг бир ойлик эҳтиёжларига сарфланиши мумкин эди.

Аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, истеъмолчилар газ тармоғидан узилди.

Туманда 748 нафар ташкилот ва тадбиркорлик субъектларига табиий газ етказиб берилаётган бўлиб, уларнинг 74 нафари йирик саноат корхоналаридир. Бироқ, Қарор билан тасдиқланган режа бўйича уларни Тизимга улаш муддати тугаган бўлсада, бор-йўғи 33 таси ёки 44 фоизи тизимга уланган холос.

Ўз навбатида, туман газ таъминоти бўлими томонидан Тизимга уланмаган истеъмолчиларга газ етказиб бериш тўхтатилмаган.

Ишчи гуруҳи томонидан энг йирик ишлаб чиқарувчи корхоналардан 5 тасида Тизимга уланиш учун зарур бўлган модемлар ўрнатилиши таъминланди.

Шу билан бирга, Тизимга ўз вақтида уланмаган йирик ишлаб чиқариш корхоналарига газ таъминотини тўхтатиш ишлари бошланди.

Олдинда қаҳратон қиш эшик қоқиб турибди. Бу даврда ҳар кимнинг табиий энергия ресурсларига, шу жумладан, зангори оловга эҳтиёжи ортиши аниқ. Баъзи истеъмолчилар томонидан табиий газни ортиқча истеъмол қилиниши қўшни хонадонлар, энг яқин маҳаллалар ва умуман туманлардаги табиий газ таъминотига салбий таъсир кўрсатмоқда. Аммо шуни ҳисобга олиш керакки, “ақлли” ҳисоблагичлар орқали табиий газдан фойдаланиш билан боғлиқ инсофсиз истеъмолчиларнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракати назоратда бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, барча истеъмолчиларни табиий газдан оқилона фойдаланмаслик нафақат харажатларнинг ортишига, балки қўшни хонадонларнинг табиий газ билан таъминланишига салбий таъсир кўрсатиши, ён атрофдаги аҳолининг норозилигига сабаб бўлиши ҳақида эслатиб ўтамиз.

Шунингдек, кенг жамоатчиликдан ҳамда жойлардаги фаоллардан бундай ҳолатларга муросасиз бўлишни ва қатъий жамоатчилик назоратини янада кучайтиришларини сўраб қоламиз.

 Табиий газ ва электр энергияси истеъмоли юзасидан қатъий назорат тадбирлари давом эттирилади.

2 Декабр 2020

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея